Англия чемпионатининг мавсумдаги охирги, 38-турида "Арсенал" ва "Астон Вилла" жамоалари ўртасида кечадиган баҳс чехиялик яримҳимоячи Томаш Росицки учун лондонликлар клуби сафида охиргиси бўлади. Бу ҳақда жамоанинг бошқа бир футболчиси Жек Уилшер ўз Instagram саҳифасида ёзиб қолдирган ва 35 ёшли футболчига келгуси фаолиятида омадлар тилаган.

"Арсенал"га Росицки 2006 йили Дортмунднинг "Боруссия" жамоаси сафидан келиб қўшилган. "Канонирлар" таркибида футболчи 2 марта Англия Кубогини ва бир марта мамлакат Суперкубогини қўлга киритган. Жорий мавсумда Росицки жамоанинг фақат биргина учрашувида иштирок этди. Бунга у кетма-кет жароҳатлар олиши сабаб бўлди.