Ёш авлоднинг маънан етук бўлиб камол топишида санъатнинг ўрни беқиёс. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” шиори остида давом этаётган талаба-ёшлар фестивали доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева билан “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди. 

– Бугунги кунда талаба-ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, улар онги ва қалбини мафкуравий таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш долзарб масалага айланганини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ,– деди Миллий университет проректори Давлатбой Жумабоев тадбирни кириш сўзи билан очар экан.– Бу ижодий учрашув ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади, деган умиддамиз. 

ЎзМУ Ахборот хизматидан хабар берилишича, таниқли актёр Раъно Ярашева мамлакатимизда санъатга берилаётган эътибор соҳа ходимларига туганмас илҳом бахш этаётгани, айни пайтда улар зиммасига улкан масъулият юклаётганини таъкидлади. У санъат соҳасига кириб келиши ва бу борада эришган ютуқлари ҳақида сўзлар экан, бугунги кунда юртимизда ёш истеъдод соҳибларига яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини изоҳлаб берди. 

– “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” деган сўзлар замирида оламча маъно мужассам,– деди санъаткор.– Юртимиз истиқлоли халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига беқиёс замин яратган, шу билан бир қаторда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол, юрт равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган етук инсонлар бўлиб улғайиши учун кенг имкониятларни яратаётганини теран нигоҳ билан англамоқ лозим. 
Жонли мулоқот тарзида ўтган ижодий учрашувда талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоблар олдилар.