Америкалик ҳарбийлар Форт-Силл базасида дунёда биринчи марта жанговар лазер қурилмаси HELMTT иштирокида машғулотлар ўтказишди. Бу ҳақда Defense News хабар бермоқда

Лазер қурилмаси турли нишонларни, жумладан учувчисиз парвоз қурилмалари, миномёт миналари ва артиллерия снарядларини аниқлаш, кузатиш ва уриб тушириш учун қўлланади. Лазернинг қуввати синовлар вақтида 10 киловаттни ташкил қилган, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмади.

Машғулотлар 11-19 апрель кунлари бўлиб ўтган, бироқ бу ҳақда эндигина маълум бўлди. Шунингдек, 2017 йилда қуввати 50 киловаттгача бўлган HELMTT синовини ўтказиш, 2020 йилгача қурилманинг қуввати 100 кВт гача оширилиши режалаштирилган.

Аввалроқ АҚШнинг Lockheed Martin компанияси жанговар лазерларни ишлаб чиқаришни бошлаганди. Компания АҚШдан 60 киловаттлик жанговар лазерни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга шартнома олган. Қурилма HELMTT жанговар машинаси таркибига киради.