АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ҳарбий-денгиз кучлари ракеталарга қарши мудофаа (РҚМ) бўйича биринчи марта биргаликда уч томонлама машғулотлар ўтказади. Япониянинг "Асахи" газетасининг маълум қилишича, машғулотлар Гавайи оролларида бўлиб ўтади. Газетанинг фикрича, бу машғулотлар "деярли Жанубий Кореянинг Осиёдаги япон-америка РҚМга қўшилишини англатади, бу эса Хитойнинг эътирозига сабаб бўлади".    

Газета манбалари маълумотларига кўра, уч томонлама машғулотлар АҚШ мунтазам равишда Гавайи оролларида ўзининг иттифоқдошлари билан ўтказиб келадиган Rimpac кўп миллатли ҳарбий-денгиз манёврлари доирасида ташкил этилади. Бу йили бу машғулотлар июнь-август ойларида бўлиб ўтади. Машғулотларда АҚШ, Жанубий Корея ва Япониянинг компьютерлаштирилган кўп мақсадли кузатув ва нишонга олиш тизимлари Aegis билан жиҳозланган ҳарбий кемалари иштирок этади. Кемалар баллистик ракеталарни ушлаш ва йўқ қилишни машқ қилади.

Бу машғулотларни ўтказиш бўйича келишувга Сеулда 19 апрелда бўлиб ўтган учрашувда эришилганди. Февралда Жанубий Корея ва АҚШ Корея яриморолининг жанубида кичик ва ўрта масофаларга мўлжалланган баллистик ракеталарни ушлаш америка тизими THAAD’ни жойлаштириш бўйича расмий маслаҳатлашувларни бошлашга келишиб олгандилар. Расман бу тизим Шимолий Кореянинг ракета салоҳиятини бостириб туриш учун йўналтирилган, бироқ Хитой унинг жойлаштирилишига қарши чиқмоқда.