Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири якунланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

13-15 май кунлари Тошкент шаҳрида Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси томонидан Халқаро гимнастика федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган гўзаллик ва нафосат байрамида Ўзбекистон, АҚШ, Беларусь, Жанубий Корея, Испания, Исроил, Малайзия, Польша, Россия, Хитой, Эстония, Япония, Қозоғистон, Арманистон каби давлатлардан 100 дан ортиқ гимнастикачи ғолиблик учун баҳслашди.

Жаҳон кубоги босқичининг алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича шахсий баҳсларда ўзбекистонлик спортчилар Анастасия Сердюкова тўп ва тасмада машқ бажаришда иккита бронза медалини қўлга киритган бўлса, Елизавета Назаренкова булавада машқ бажариш бўйича учинчи ўринни эгаллади. 
  
Шахсий баҳсларда Нуринисо Усмонованинг арғамчи, ҳалқа ва тўп билан бажарган машқлари учта бронза медалга лойиқ топилди. Яна бир ўзбекистонлик гимнастикачи Милана Тян булавада машқ бажаришда бронза медаль билан тақдирланди.