Буюк Британия қироличаси Елизавета II ўзининг 90 йиллик юбилейи шарафига ўтказилаётган кенг миқёсли шоуга ташриф буюрди. Бу ҳақда Daily Mail хабар қилди. 

Концерт Виндзор қасри ҳудудида бўлиб ўтаётган эди. Қиролича маросим ҳудудига экипажда келди. 

Томошабинлар орасида шаҳзода Чарльз, шаҳзода Уильям турмуш ўртоғи Кэтрин билан, шаҳзода Ҳарри ва қироллик оиласининг бошқа вакиллари бор эди. Шоуга шаҳзода Донатус Гессенский – қиролича Викториянинг набира авлоди ҳам ташриф буюрган. Бундан ташқари, Баҳрейн қироллик хонадони вакили Ҳамад ибн Исо ал-Халифа ҳам концертга келди. 

Қўшиқчилар Гэри Барлоу, Кайли Миноуг ва Ширли Бэсси, актёрлар Ҳелен Миррен, Жим Картер ҳамда ҳарбий оркестр томошабинлар хизматида бўлди. Шунингдек, маросим давомида тулпорлар шоуси ҳам ўтказилди.