Ўтган ҳафтада Филиппин президенти этиб сайланган Родриго Дутерте, мамлакат Жиноят Кодексига ўлим жазосини қайтариш ҳамда хавфсизлик кучларининг жиноятчиларга нисбатан ўт очиш ҳуқуқини тиклашга ваъда беряпти, деб хабар қилмоқда «Би-би-си».

Қайд этилишича, булар мамлакат янги етакчисининг илк ташаббуслари эмас. У бундан аввал, алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини тақиқлаш ниятини билдирган эди. Шунингдек, унинг фикрича, мамлакат болаларига "комендантлик соати" жорий этилиши лозим. 

Филиппин республикаси 2006 йилда ўлим жазосини бекор қилган. Дутертенинг айтишича, у мамлакат конгрессидан осиб ўлдиришни тиклашни талаб қилади. 

Шу билан бирга, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик кучлари, мабодо жиноятчи ёки уюшган жиноятчиликка алоқадор шахслар ҳибсга олишга қаршилик қилгудек бўлса, ўт очиш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин, деган мамлакат президенти.  

БМТ январь ойида Саудия Арабистони подшоҳлигига мурожаат қилиб, ўлим жазосига мораторий жорий қилишни сўраган эди.