Россия Федерация кенгашида Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини киритиш таклиф қилинмоқда. Федерация кенгаши раисининг мудофаа ва хавфсизлик бўйча биринчи ўринбосари, сенатор Евгений Серебренниковнинг фикрича, Москвадаги Хован қабристонида юз берган оммавий муштлашувлар каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун виза тартибини киритиш керак. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Миграция қонунчилигини тозалаш ва қатъийлаштириш вақти келди. Биз у ёки бу қонунларни қабул қилганимизда, одатда демократик давлатлар тажрибасига таянамиз, бироқ баъзи ҳолларда бу нотўғридир. Давлат хавфсизлиги барчасидан муҳим", деб айтди сенатор.

Сенаторнинг айтишича, олдини олувчи чоралардан бири МДҲнинг бир қатор давлатлари, жумладан Тожикистон ва Ўзбекистон билан виза тартибини киритиш бўлади. Сенаторнинг фикрича, айнан бу давлатлардан кўпинча Россияга кўплаб ноқонуний муҳожирлар келадилар.

Сенаторнинг фикрича, Москва дафн қилиш бизнесида ҳам тартиб ўрнатиш керак. Унинг фикрича, бу соҳа жуда ҳам коррупциялашган ҳисобланади. "Охирги вақтларда бу соҳада тартиб ўрнатиш бўйича кўплаб ишлар қилинди. Бироқ, кўринишча, етарлича эмас", деб таъкидлаб ўтди Серебренников.

14 майда Хован қабристонида 200 га яқин одам иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди. Муштлашувда бир томонда арматура, бита, белкурак билан қуролланган марказий осиёликлар, бир томонда ўқотар қуроллар билан қуролланган кавказликлар туриб муштлашди. Муштлашув оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 26 киши жароҳат олди. Қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилди, 90 га яқин одам ҳибсга олинди.

Маълумотларга кўра, муштлашув қабристонда хизмат кўрсатиш соҳасини талашиш сабабли юз берган. РИА “Новости” ахборот агентлиги маълумотига кўра, қабристонда хизмат кўрсатишдан даромад олишга интилиб, қабристон ҳудудини эгалламоқчи бўлган доғистонлик ва чечен миллатига мансуб кимсалар у ерда дафн билан боғлиқ хизматлар кўрсатиб юрган тожик ва ўзбекларга ҳужум қилган. Бироқ воқеанинг бошқа тахминлари ҳам мавжуд.