Москва суди оммавий муштлашув юз берганидан кейин Хован қабристони раҳбарлигидан четлатилган собиқ директор Юрий Чабуевни ҳибсга олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги ҳуқуқ тартибот органларидаги манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Бу бўйича қарор 15 соат ичида қабул қилиниши кутилмоқда.

Шаҳарда 14 май куни қабристон хизматчилари бўлган ўрта осиёлик муҳожирлар ҳамда кавказликлар иштирокида рўй берган муштлашувдан кейин, Хован қабристони раҳбари эгаллаб турган лавозимидан четлатилганди.

Оммавий муштлашувдан кейин Москва шаҳридаги полициячилар пойтахтдаги 78та қабристоннинг хўжалик фаолиятини қаттиқ текширувдан ўтказадиган бўлди.

Москва ИИВ раҳбарияти маълумотига кўра, Хован қабристонидаги оммавий муштлашувда 200га яқин киши иштирок этган, улардан 50 нафари воқеа жойида қўлга олинган. Айни дамда муштлашувда иштирок этишда айбланиб қўлга олинганлар сони 112 нафарни ташкил қилмоқда.

Москва шаҳар соғлиқни сақлаш департаменти хабарига кўра, муштлашув оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 23 киши касалхонага ётқизилган, жароҳатланганлар орасида 4 кишининг аҳволи оғир. Манбаларнинг маълумотларига кўра, жанжал қабристон ҳудудини "бўлиб олиш" пайида бўлганларнинг ўзаро келишмовчилиги асосида рўй берган.

Қотиллик ҳолати юзасидан Россия Тергов Қўмитаси томонидан жиноий иш қўзғатилган.

РИА Новости маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг тенг ярми миграция қонунчилигини бузгани ва ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этгани учун депортация қилиниши мумкин.

"Айни вақтда қўлга олинганлар сони 110 нафардан кўп. Улардан 12 киши умуман ҳеч қандай ҳужжатга эга эмас, 30 киши эса қонунга хилоф равишда мамлакат ҳудудида яшаб юргани аниқланди. Қўлга олинганларнинг шахси тикланиб, жиноятларга алоқадорлиги ўрганилгач, депортация қилиниши учун судга юборилади”, — дейилган хабарда.