Ҳонгконг шаҳрининг марказий қисмидаги пиёдалар йўлакларига ётқизилган чорқиррали тошларнинг оралиқлари елимлаб чиқилди. Чжан Дэцзян раҳбарлигидаги Хитой делегациясининг шаҳарга ташрифи муносабати билан хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида амалга оширилган, деб хабар қилмоқда AFP агентлиги. 

Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши (парламент)нинг раиси Децзяннинг оролга сафари мобайнида норозилик намойиши ўтказувчилар, делегация аъзолари ва полициячиларга чорқирра тошларни кўчириб улоқтиришлари эҳтимоли шундай чораларни кўришга сабаб бўлган. Чжан 18 май куни Ҳонгконгда бўлиб ўтадиган иқтисодий конференцияда маъруза қилиши кутилмоқда. 

Таъкидланишича, Ҳонгконгдаги учрашув арафасида бошқа хавфсизлик чоралари ҳам кўрилмоқда. Хусусан, марказий кўчаларда сув тўлдирилган пластик тўсиқлар, темир занжирлар ўрнатилмоқда. Ҳонгконг ҳукумати эса, чорқирра тошларнинг елимланишини, уларнинг "кўчириб олинишига қарши" чора деб баҳолади. 

Айтиш жоизки, Чжан сўнгги 4 йил мобайнида Сянган (Ҳонгконг) оролига ташриф буюраётган энг олий даражали Хитой давлат мулозими ҳисобланади. У конференциядаги маърузасидан ташқари, маҳаллий демократик кучлар намоёндалари билан ҳам учрашув ўтказади. AFP нашрининг қайд этишича, Хитой раҳбарияти шаҳарнинг ҳозирги раҳбари Лян Чжэньинни янги муддатга раҳбарликка илгари суришни режалаштирмоқда. Унинг ваколати 2017 йил мартида поёнига етади. 

2014 йили Ҳонгконгда бўлиб ўтган тинч намойишлар демократик ислоҳотларга асос бўлмагани боис, норозилик намойишлари яна ўтказила бошланди. Шу йилнинг февраль ойидаги намойишлар, Хитойдан мухториятни сақлаб қолиш учун кескинроқ кўринишда бўлиши мумкинлигини намойиш этган эди. Ўшанда, намойишчилар полиция билан тўқнашувда чорқирра тошлардан фойдаланганди.