Қорақалпоғистон республикасининг Мўйноқ туманидаги «Жалтирбас», «Судочье» ва «Рибачье» кўллари назорати туман ҳокимияти қошида барпо этиладиган «Мўйноқ аква саноат» давлат унитар корхонасига топширилди. Унинг низом жамғармаси 200 млн сўм этиб белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2016 йил 6 майдаги «Қорақалпоғистон Республикаси балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ (pdf), «Жалтирбас» (17280 га), «Судочье» (19000 га) ва «Рибачье» (3000 га) табиий сув ҳавзалари доимий фойдаланиш учун янги ташкил этилган корхона ихтиёрига берилган.

«Мўйноқ аква саноат» давлат унитар корхонаси зиммасига:

- балиқ чавоқларини етиштириш бўйича балиқ питомниклари ва инкубация цехлари барпо этиш;
- балиқларни  қафасда етиштириш технологияларини жорий этиш;
- ҳаваскор ҳамда спорт балиқчилиги ва балиқчилик саёҳатини ривожлантириш вазифалари юклатилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилга бориб, «Мўйноқ аква саноат» ДУК йилига 3500 тонна балиқ етиштиради. 2016 йилда бу рақам 450 тоннани ташкил этиши кўзда тутилган. 

Балиқлар учун юқори даражадаги оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш учун «Мўйноқ аква саноат»га 100 га ҳажмдаги экин майдони ажратилади.

2017-2018 йилларда корхона базасида йилига 375 тонна миқдорида қайта ишланган балиқ ва ярим фабрикантлар ишлаб чиқариш қувватига эга цех барпо этиш белгиланган. Корхонада, шунингдек, 300 тонна сиғимга эга музлаткичли сақлаш камералари ҳам бунёд этилади.

Йил охирига қадар 2017-2020 йилларда Мўйноқ туманида экотуризм соҳасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиши лозим. Унда ҳаваскорлик ва спорт мақсадида балиқ овлашни ривожлантириш, шунингдек, «Жалтирбас», «Судочье» ва «Рибачье» сув ҳавзалари ҳудудида туризмни ривожлантириш учун қирғоқбўйича инфратузилмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Қарорда қайд этилишича, кўрсатиб ўтилган чоралар янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини юқори сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон вазирлар кенгаши, Ўзбекистон табиатни асраш давлат қўмитаси ва «Ипотека банк» акциядорлик тижорат ипотека банкининг қўшма ташаббуси билан янги корхонага асос солинган.