АҚШга келадиган муҳожирларнинг оқимини чеклашга чақириб келувчи, АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп қочқинлар АҚШда 2001 йил 11 сентябрдаги каби терактлар уюштириши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.

Миллиардер бу ҳақда америкалик чегарачилар касаба уюшмаси радиостанцияси Green Line’даги дастур эфирида айтиб ўтди.

"Ёмон ишлар юз беради. Жуда кўп. Ишониш қийин бўлган ҳужумлар бўлади. Ҳозир мамлакатимизга келаётган одамлар томонидан ҳужумлар бўлади. Мен бунга шубҳаланмайман", деб айтди Трамп.

Трамп АҚШда суриялик қочқинларсиз ҳам муаммолар етарлича эканлигини айтди.

"Биз улар қаердан эканлигини билмаймиз, бу ҳақда тушунчага ҳам эга эмасмиз. Балки улар ИШИДдандир", деб қўшимча қилди Трамп.

Трампнинг айтишича, мамлакатга келаётган кўплаб қочқинларнинг телефонларида ИШИД рамзлари бор. "Биз эса бунга жавобан уларни қабул қилиш ажойиб, деб айтишимиз керакми?", деб айтди миллиардер.