Турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва мавжудларини ривожлантириш бўйича келишувлар тўплами, Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ва унинг индонезиялик ҳамкасби Жоко Видодонинг Сеулда бўлиб ўтган музокаралари якунида имзоланган.

Жанубий Корея ва Индонезия ҳукуматлари икки томонлама ҳамкорликка оид 6,7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган келишувларни имзолади, деб хабар қилмоқда Корея Републикаси президенти қароргоҳи Чхонвадэ ("мовий уй") матбуот хизмати.

Хусусан, Индонезия ҳудудида электростанция барпо этишга 4 миллиард долларга яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Яна 2,1 миллиард доллар Жакарта темир йўл транспорт тизимини қуришга сарф этилади. Бундан ташқари, томонлар Индонезиянинг Палембанг шаҳридан Бали оролига ўтказилувчи 600 млн долларлик газ қувури лойиҳасида ҳамкорлик қилади. 

Жанубий Корея ва Индонезия раҳбарияти, шунингдек, коррупцияга қарши кураш чоралари ва жанубий корейс компанияларининг Индонезия бозорига кириб келишига қулай шароитлар яратиш борасида келишувга эришган. Бундан ташқари, балиқчилик соҳаси, метан конларини аниқлаш, эркин савдо ҳудудларини ривожлантириш ва энергетика соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумлар имзоланган.