Санкт-Петербургнинг "Зенит" ва Москванинг "Локомотив" жамоалари ўртасида Россия чемпионатининг 29-турида кечган учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.

Санкт-Петербургда кечган бу учрашувда ҳисоб 10-дақиқада "Зенит" ҳужумчиси Халк томонидан пенальти зарбасининг аниқ амалга оширилиши орқали очилди. "Локомотив" жамоаси ҳам биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда пенальти тепиш имконига эга бўлди ва нуқтага яқинлашган Александр Самедов аниқ ҳаракат қилиб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўйинда шу ҳисоб сақланиб қолди. Эндиликда питерликлар 56 очко билан турнир жадвалининг учинчи ўрнида қолмоқда, "Локомотив" эса очколари сонини 47тага етказиб, олтинчи ўринга жойлашган.

Охирги турда, 21 май куни "Зенит" Москвада маҳаллий "Динамо" жамоасига қарши ўйнайди,  "Локомотив"ни эса Саранскнинг "Мордовия" жамоасига қарши баҳс кутмоқда.

Питерликлар ярим ҳимоячиси Аксель Витсель ва ҳужумчи Халк охирги турда сариқ карточкалари сони ортиб кетгани туфайли жамоага ёрдам бера олмайди. "Локомотив"нинг питерликларга қарши ўйинда иккинчи сариқ карточкани олган ҳолда майдонни тарк этган футболчиси Алексей Миранчук ҳам охирги турни ўтказиб юборади.

Айни вақтда турнир жадвалида 28 учрашувдан кейин 59 очко йиққан ЦСКА жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда "Ростов" 57 очко билан жойлашган. Бу жамоалар 29-турни мос равишда "Краснодар" ва "Урал"га қарши ўтказишади. ЦСКА кейинги икки учрашувда мағлубиятга учраган тақдирида ҳам "Зенит" бу жамоадан тўплар нисбатидаги фарқлар туфайли ўзиб кета олмайди.