Япония бош вазири Синдзо Абэ "еттилик"нинг навбатдаги саммитида, анжуман иштирокчилари эътиборини "Панама ҳужжатлари" можароси сабаб, офшорлар масаласи ва солиқ тўлашдан бўйинтовлаш муаммосига қаратиш ниятида. У Парламент юқори палатаси бюджет комиссияси йиғилишида шундай баёнот берган.

"Солиқ тўламаслик - бу солиқ тўловчилар ишончини йўқотадиган жиддий масала, -деган бош вазир. - "Еттилик" раиси сифатида, халқаро механизмлар воситасида солиқ тўламасликка қарши тизимни ташкил этиш бўйича мунозараларни ўтказишни режалаштирганман". 

Унинг қайд этишича, ҳозирдаёқ, офшорлардаги ҳисоб рақамларига оид ахборот алмашинуви борасида сезиларли муваффақиятга эришилган. 

Япониянинг Киодо агентлиги, "еттилик" давлатлари саммит доирасида коррупция ва солиқ тўламасликка қарши кураш чоралари бўйича махсус режа қабул қилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди. 

Маълумки, "Панама ҳужжатлари"да кўплаб компаниялар қатори япон бизнеси намоёндалари ҳам мавжуд. Хусусан Marubeni савдо компанияси ва Mitshubishi Corporation ҳамда Softbank мобиль алоқа оператори бор.

NHK телеканали эса, бу борада 230 нафар япон фуқароси ва 20та компания ҳақида сўз юритган. 

Эслатиб ўтамиз, Вашингтонда жойлашган журналистик текширувлар халқаро консорциуми (ICIJ) 2016 йил 3 апрелида 11,5 млн саҳифалик ҳужжатларни эълон қилган, унда жаҳоннинг айрим мамлакатлари амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, маданият ва спорт намоёндаларига тегишли офшор маълумотлари қайд этилган эди. 

"Панама ҳужжатлари" деб номланган мазкур саҳифалар Панаманинг Mossack Fonseca юридик фирмасига тегишли ахборотлар тўпламидан иборат бўлган. Айни фирма, офшор мамлакатларида рўйхатдан ўтишда амалий ёрдам бериш билан шуғулланган. Айтиш жоизки, ҳужжатлар тўплами тўлиқ ошкор этилгани йўқ.