Халқ таълими вазирлиги мактаб битирувчиларидан имтиҳонлар ёки бошқа тадбирлар учун пул маблағлари йиғиш, мактаб раҳбарлари ёки ўқитувчиларга совғалар тақдим қилишни тақиқлаган. Бу ҳақда "Зарафшон" газетаси Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Сатторовга асосланиб хабар берган

Унинг маълум қилишича, жорий йилда вилоят мактабларида 9-синф ўқувчилари иштирокидаги "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари мактаб ҳовлисидаги очиқ майдонларда кўпи билан бир соат давомида ўтказилади.

Ўқувчиларнинг битирув кечаларини уюштириши қатъиян ман этилган. 

Бундай тадбирларнинг олдини олиш учун барча таълим муассасалари мутасаддиларига топшириқлар берилган.

Ўқитувчилар, синф раҳбарлари ҳамда мактаб директорларидан "кафолат хат"лари олинмоқда.

Бундан ташқари, тадбирларнинг тартибли ўтишини таъминлашга фақат ўқитувчиларгина эмас, балки ота-оналар, маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳам жалб қилинади.