GM Uzbekistan қўшма корхонаси Россияга Chevrolet Spark’нинг муқобили Ravon R2 автомобилини жўнатишни бошлади, деб хабар берилмоқда Ravon сайтида. Жорий йилнинг охиригача компания бу автомобиллардан 2500 тача сотмоқчи. 

Машиналар муваффақиятли етказилиши ва сотилиши учун дистрибьюторлар, дилерлар ва бошқа ташкилотлар билан фаол иш олиб борилмоқда, дейилмоқда хабарда.

GM Uzbekistan кейинги чиқарадиган модели Nexia седани бўлади. Ўзбекистонда бу модел Chevrolet Nexia сифатида, хорижий бозорларда эса Ravon Nexia R3 сифатида сотилади.

Айни вақтда GM Uzbekistan’нинг Асакадаги заводида икки янги моделни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча ишга тушириш-созлаш ва синов ишлари якунланди.

Компания Ravon дилерлик тармоғини кенгайтиришни ва Ravon R4 (Cobalt) моделини ишлаб чиқариш билан моделлар қаторини янгилашни давом эттирмоқда.
 
Кейинги йилда Россияда ўтган йилнинг октябрида тақдим қилинган Ravon бренди МДҲнинг бошқа бозорларида, жумладан Қозоғистонда ишга туширилади.

Ravon R2 модели ташқи ва ички томондан янги дизайнга эга, тежамкор 1,25 л B-DOHC двигатели ва янги авлоддаги автоматик трансмиссия билан жиҳозланган. Модел комплектацияси яхшиланган шовқин изоляцияси, янгиланган асбоблар панели, MP3, USB, AUX ва Bluetooth функцияларига эга аудиотизимни ўз ичига олади.

Ravon R2’нинг фаол ва пассив хавфсизлик тизими хавфсизлик ёстиқчалари, рулни электрон бошқариш тизими, электр ойна кўтаргичлар, антиблокланиш тормози ва болалар автомобиль ўриндиқларини маҳкамлаш тизими Isofix билан бутланган. Кейинроқ моделнинг стандарт комплектациясига йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда авария-қутқарув хизматларини шошилинч чақириқ билан хабардор этадиган фавқулодда вазиятларда шошилинч огоҳлантириш тизими киради. 

T250 негизида яратилувчи янги Nexia янги автоматик узатмалар қутиси ва хавфсизлик ёстиқчалари, уч нуқтали хавфсизлик камари, Isofix тизими, ABS ва электрон барқарорлик тизимини ўз ичига олувчи такомиллаштирилган хавфсизлик тизими билан жиҳозланган. Nexia ҳам фавқулодда вазиятларда шошилинч огоҳлантириш тизими билан бутланади.