Жанубий Хитойнинг Дунгуань шаҳри полицияси 28,7 млрд юанлик (4,4 млрд доллар) ноқонуний валюта операцияларини амалга оширишда гумон қилинаётган иккита яширин банкирлар гуруҳини ҳибсга олди. Бу ҳақда " Синьхуа" ахборот агентлиги маълум қилди

Полиция маълумотларига кўра, жиноятчилар ўз қариндошлари томонидан хорижда очилган ҳисоб рақамлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланишган. 

130 нафар полициячи иштирокидаги операциялардан бирида Дунгуань шаҳри таркибига кирувчи Чанпин ва Цинси посёлкаларида 11 киши ҳибсга олинди. Полиция улардан нақд пул кўринишида 15 млн юан (2,3 млн доллар) ва 504 минг гонконг доллари (64,9 минг доллар) мусодара қилди. 6 яширин банкирдан иборат иккинчи гуруҳ Ляобу ва Далан посёлкларида ҳибсга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари умумий ҳисобда 27,1 млн юан (4,2 млн доллар) сақланган 210 та ҳисоб рақамини музлатиб қўйди.