Москва шаҳар Щербинский туман суди Тожикистоннинг 7 нафар фуқаросини Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Улар шаҳарнинг Хован қабристонидаги жанжалда қўлга олинган эди, деб маълум қилган маҳкама матбуот котибаси Светлана Бехтина.

"Етти киши Россия Федерацияси маъмурий жавобгарлик Кодекси 18-моддаси 3-банди билан айбдор, деб топилди ("Хорижий давлат фуқароларининг РФда бўлиш тартибининг бузилиши"). 

Уларнинг барчасига 5 минг рубль жарима солинган ва эндиликда мамлакатдан депорт қилинади», — дея изоҳ берган Бехтина.

Бундан аввал, Щербинский суди қабристон жанжали сифатида овоза бўлган воқеанинг 22 нафар иштирокчисига 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган эди. 
14 май куни Москванинг Хован қабристонида содир бўлган тўполонда, кураклар, арматура бўлаклари, таёқ ҳамда ўқотар қуроллар билан қуролланган 200га яқинга киши қатнашган.

Бунинг оқибатида, Тожикистон фуқаролари Суҳроб Хушаков, Иноят Ризовий ва  Сайнуриддин Собиров ҳаётдан кўз юмди. Тожикистон Республикасининг яна 4 нафар вакили Москва шифохонасининг жонлантириш бўлимида ётибди. 26 киши турли даражада тан жароҳати олган.