Land Rover автомобилсозлик компанияси Британиянинг маиший техника ва электроника ишлаб чиқарувчи Bullitt Group компанияси билан бирга ўзининг смартфони ва Land Rover йўлтанламас машиналари эгалари учун мобиль аксессуарлар қаторини ишлаб чиқаради. Бу ҳақда автомобилсозлик компанияси матбуот банёнотида айтилди. 

Таъкидланишича, янги қурилмалар фаол ҳаёт тарзини афзал кўрувчи одамларга мўлжалланади. Аксессуарлар қатори 2017 йил бошида илк бор намойиш қилинади.

Bullitt Group мобиль қурилмалар портфолиосини ишлаб чиқишни Jaguar Land Rover Special Vehicle Operations жамоасининг бевосита иштирокида олиб бормоқда. Бу жамоа компаниянинг серияли автомобилларининг "ҳашаматли" версияларини ишлаб чиқиш ва яратиш, индивидуал буюртмаларни бажариш ва Jaguar Land Rover’нинг тарихий моделларини тиклаш билан шуғулланувчи бўлими ҳисобланади.