Латвия бош вазири Россия билан чегараларида девор тиклаш лойиҳасини қўллаб-қувватлади

Жаҳон 17 Май 2016 3301

Латвия бош вазири Марис Кучинскис Россия билан чегараларида девор барпо этиш ғоясини маъқулламоқда. У Focus журналига берган интервьюсида шу ҳақда маълум қилган.

Латвия ҳукумати раҳбарининг фикрича, Россиядан ЕИга ўтиши мумкин бўлган қочқинлар оқимига қарши туриш учун шундай чоралар кўриш лозим. 

«Биз нафақат Россия балки Белорусь билан ҳам чегараларимизни мустаҳкамлаймиз. Аммо бу янги Берлин девори эмас, аксинча назорат имконини берувчи восита бўлади. Биз ким ташриф буюраётганини билишимиз учун уларнинг барчасини рўйхатдан ўтказишимиз керак», — деб баёнот берган Кучинскис.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда Латвияга қандайдир йўллар билан афғон, ироқлиқ ва вьетнамлик жами 60 киши кириб келган. "Уларнинг барчаси ҳам ишлашни хоҳламайди", - деган бош вазир. Журналистнинг 60 нафар инсонни қочқинлар оқими деб аташ мушкул иш экани хусусида билдирган эътирозига, Кучинскис олдиндан "шундай эҳтимолни кўриб чиқиш зарур", - дея таъкидлаган. Унинг айтишича, ЕИга Эгей денгизи орқали кириб келаётган муҳожирлар келажакда Россия орқали Латвияга йўл олишлари мумкин. 

Кучинскиснинг қайд этишича, албатта, Россия сиёсий сабаблар туфайли қочқинларни Болтиқбўйига юбормайди ва «бунинг учун унга ташаккур айтса ҳам бўлади», бироқ «назарий жиҳатдан муҳожирлар оқими Москва ихтиёридаги Болтиқ бўйи давлатларига қарши қўллаши мумкин бўлган кучли қурол ҳисобланади». 

Бундан ташқари, Латвия аслида «тўлақонли девор эмас, балки енгил мустаҳкамланган тўсиқни барпо этади» ва «у Россия ҳужумидан мудофаа қилишда асқотмайди».

Бундан аввал, Латвия ички ишлар вазири Рихард Козловскис муҳожирлар оқими кучайишига қарши кураш доирасида Россия билан чегараларда девор қуриш кераклиги хусусида фикр бидирган эди. Лойиҳага кўра, чегаранинг айрим ҳудудларида жами узунлиги 90 километрга яқин тўсиқлар барпо этилади.

Кўпроқ янгиликлар