Шимолий Кореяда янги ташқи ишлар вазири тайинланди

Жаҳон 17 Май 2016 2712

Шимолий Кореянинг янги ташқи ишлар вазири этиб Ли Ён Хо тайинланди. Ли Ён Хо яқин ўтмишда Шимолий Кореянинг ядровий дастури бўйича бош музокарачиси ва Буюк Британиядаги собиқ элчиси бўлган. Бу ҳақда 17 майда маълум қилинди.

Янги ташқи ишлар вазири тайинлангани Шимолий Корея томонидан Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигига жўнатилган расмий хабарномада айтилган. Ли Ён Хо аввал Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган, мамлакатни Шимолий Корея ядровий дастури бўйича олти томонлама музокараларда тақдим қилган, 1990-йилларда АҚШ билан музокараларда иштирок этган.  

Британия ташқи ишлар вазирлигига юборилган ҳужжатда эндиликда собиқ ташқи ишлар вазири Ри Су Ён эгаллаган янги лавозими ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. 

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, ташқи ишлар вазирининг алмаштирилиши Пхеньяннинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларни нормаллаштиришга уриниши билан боғланган бўлиши мумкин. Шимолий Корея томонидан ядровий синовлар ўтказилиши, бир нечта ракеталар учириши унга нисбатан БМТ ва бир қатор давлатлар томонидан янги кескин санкциялар киритилишига олиб келди.

Кўпроқ янгиликлар