Туркия Республикаси парламенти, халқ вакилларини жиноий ишларга оид таъқиб қилиш бўйича дахлсизликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошламоқда. Бу ҳақда, курдпараст Халқ демократик партияси парламент фракцияси раҳбари Салоҳиддин Демирташ The Guardian нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

Сиёсатчининг айтишича, мазкур ташаббус Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўған раҳбариятидаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясига тегишли. Демирташнинг фикрича, ушбу ғоядан кўзланган бош мақсад – мухолифатга зарба беришдир. 

«Қонун лойиҳаси Туркияга салбий таъсир этади ва афтидан депутатларни жиноий жавобаргарлик дахлсизлигидан маҳрум этиш бизга қарши қаратилган», — деган Демирташ ва мамлакатда зўравонликлар тўлқини бошланиши борасида «жиддий эҳтимол» мавжудлигини қўшимча қилган. Чунки қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан «демократия ва тинчлик сиёсатига бўлган ишонч чиппакка айланади».

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича якуний қарор 20 май куни қабул қилинади, деб ёзади газета.