Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимининг янги биноси очилди.

УзА берган хабарга кўра, янги бинони бунёд этиш учун 907 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Бино замонавий технологиялар, зарур анжомлар билан жиҳозланган, никоҳларни тантанали равишда қайд этиш учун шароитлар яратилган.

"Янги бинода яратилган қулайликлар халқимизга малакали ва сифатли юридик ёрдам кўрсатишга тўла имкон беради. Ҳар бир фуқаронинг туғилиши, оила қуриши, фарзанд кўриши каби ҳолатларни қонуний расмийлаштириш, ҳужжатлар архивини тегишли тартибда юритиш учун барча шароит мавжуд. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳуқуқий-маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш, ”Ёш оила қурувчилар мактаби”, “Оила дорилфунуни” машғулотлари мундарижасини янада бойитиш, уларни кўргазмали, интерфаол усуллар асосида ўтказиш борасидаги режаларимизни амалга оширишга янада кенг йўл очилди", дейди Учтепа туман ФҲДЁ бўлими мудири Нозима Абдусаломова.