Бир ўйлаб кўринг-а, бутунжаҳон интернет тармоғига уйингиздаги телефон линияси орқали оптик толали тармоқ тезлигида улана оласиз. Бу шунчаки хомхаёл эмас, балки яқин келажакда амалга ошиши мумкин бўлган G.Fast ечимидир. Бу симли тармоқ воситасида ажойиб интернет тезлигини таъминлаш бўйича янги технология ҳисобланади

Аммо ҳозирча G.Fast (Жи фаст)га оид кўплаб саволлар очиқ қолмоқда: Ундан қачон фойдаланиш мумкин бўлади? Ундан кимлар фойдалана олади ва қанчага тушади ва ҳоказо.  

16 май куни эса, у қанчалик тез бўлади, деган бошқа бир саволга жавоб берилди. "Жуда ҳам тез бўлади", деган Исроилнинг чиплар ишлаб чиқарувчиси Sckipio. Унинг эълон қилишича, G.Fast ечими маълумотни юклаш ва юклаб олиш тезлигини бир вақтнинг ўзида сониясига 750 мегабитгача таъминлай олади. Бу уйингизга кириб келган ҳозирги симли интернет тармоғидан камида 50 марта тез деганидир. 

Аммо хулоса қилишга шошилманг, бу ҳали ҳаммаси эмас. Яқин йилларда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган янги авлод чиплари юқоридаги рақамни 2 мартага ошириш имконини беради.

"Ҳа, бу ҳам лоф эмас, - деган Sckipio. - Бу сониясига 1.5 гигабайтни англатади ва бугунги кунда Google’нинг оптик толали интернет тармоғи таклифидан ҳам тезроқдир".

Айтиш жоизки, тасвирларнинг 4К ўлчами пайдо бўлгач, интернет ўйинлари ва бошқа юқори ўлчамли тасвирий маълумотларни жуда катта тезликда юбориш ва юклаб олишга бўлган талаб ошиб бормоқда. Аммо ҳозирги кунда мавжуд технологиялар бир вақтнинг ўзида сониясига 750 мегабит тезликда юклаб олиш ва жўнатиш имконини бермайди.