Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 11 май кунги Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарорига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида Радиацион хавфсизлик маркази (РХМ) ташкил қилинади

Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- МАГАТЭ ҳамда ваколатли органлар билан ҳамкорликда хавфсизликни таъминлаш ва ядро технологияларини тарқатмасликка оид халқаро стандартларга қатъий мувофиқ равишда Ядро физикаси институтининг ядро реакторини эксплуатациядани чиқариш борасидаги ишларни ташкил этиш;

- республика ҳудудидаги радиоактив материаллар омборхоналарининг лозим даражада сақланиши, утилизация қилиниши ва тугатилишини таъминлаш, шунингдек, тегишли тозалаш хизматларини ташкил этиш;

- Республиканинг ядровий ва радиацион хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ амалий ишларни бажариш, шунингдек божхона постларида ва республика ҳудудида ўрнатилган дозиметрия назорати тизимлари ҳамда бошқа назорат ускуналарини назоратдан ўтказиш;

- Республика ҳудудида фойдаланилаётган ион нурланиш манбаларини илмий экспертизадан ўтказиш, шунингдек ион нурланиш техникаси манбаларига профессионал хизмат кўрсатиш ва утилизация қилиш.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 1996 йил 4 мартдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги ташкил этилган бўлиб, мазкур фармон бўйича вазирликнинг вазифалари қуйидагича белгиланган:

- Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, аҳоли ҳаёти ва саломатлигини, моддий ва маънавий қадриятларини муҳофаза қилиш, шунингдек тинчлик ва ҳарбий даврда фавқулодда вазиятлар вужудга келганда уларнинг оқибатларини тугатиш ҳамда зарарини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳоллардаги ҳаракатларини бошқаришнинг давлат тизимини (ФВДТ) ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасига раҳбарлик қилиш;

- Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенаши, ҳокимликларнинг аҳолини ва миллий бойликларини муҳофаза қилиш, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар туфайли вужудга келган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

- Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга, қҳолини, мамлакат ҳудудини муҳофаза қилишга ҳамда улар вужудга келган тақдирда халқ хўжалиги объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга, шунингдек аҳолини, мансабдор шахсларни ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳоллардаги ҳаракатларни бошқаришнинг давлат тизими тузилмаларини тайёрлашга қаратилган мақсадли ва илмий-техник дастурларни ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

- Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун молия, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техника ресурсларининг давлат фавқулодда захира фондларини ташкил этишга доир ишларни мувофиқлаштириб бориш ва ҳоказо.