Австралиянинг Жилонг шаҳрида (Виктория штати) 18 майга ўтар кечаси шаҳарнинг асосий масжидида кучли ёнғин рўй берди. Бу ҳақда АВС хабар тарқатган.

Ёнғин туфайли масжид биноси жиддий зарарланган, унинг томи бутунлай ёниб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин туфайли ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқ. Маҳаллий ўт ўчириш хизмати раҳбари Марк Синкинсоннинг маълумотига кўра, ўт ўчириш хизмати воқеа жойига етиб келганида ёнғин бино бўйлаб тарқалиб бўлганди.

"Биз бино қулаб тушишидан қўрқиб ичкарига кира олмадик. Шу туфайли ўтни ўчириш ишлари ташқарида туриб амалга оширилди", деган у.

Масжид яқинида яшовчи кишиларнинг гувоҳлик беришича, ёнғиндан олдин ҳудудда кучли портлаш овози эшитилган.

"Айни вақтда бу ёнғиннинг келиб чиқиши шубҳа уйғотмоқда. Виктория штати полицияси билан ҳамкорликда текширувлар ўтказамиз", дея қайд этган Синкинсон.

Жилонг шаҳри Мельбурнга ёндош жойлашган шаҳар бўлиб, бу шаҳарда 185 минг киши истиқомат қилади.