БМТ гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси директори Жон Гингнинг Яманга сафари якуни бўйича баёнотига кўра, Яман Республикасининг 7,8 млн фуқароси халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги меъёри бўйича истеъмол маҳсулотларининг жиддий танқислигини бошидан кечирмоқда. 

"7,8 миллиондан ортиқ инсон озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтож. Халқаро озиқ-овқат хавфсизлик меъёрига кўра, улар очлик белгисидан бир даража юқорида турибди. Бу жиддий ҳолатдир", - деган Жон Гинг.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолиси ачинарли вазиятда кун кечирмоқда. 10 млн.дан ортиқ одам соғлиқни сақлаш соҳасида дастлабки тиббий хизматларга муҳтож, 7,5 млн. киши тоза ичимлик сувидан маҳрум. Мамлакат ичкарисида кўчганларнинг сони 2,5 миллионни ташкил этади. 

Гингнинг қайд этишича, 2015 йил март ойида исёнчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида бошланган қуролли тўқнашувларгача Ямандаги вазият ўта мураккаб бўлган, аммо жанговар ҳаракатлар бошлангач у бутунлай издан чиқиб, гуманитар фожиа ёқасига келиб қолган. БМТ бошқармаси раҳбари маълумотига кўра, Яман жаҳон ҳамжамияти жиддий диққат-эътибори қаратилган 4та инқирозли минтақадан биридир. 

Шунга қарамай, дунё мамлакатлари БМТнинг Яман аҳолисига зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун маблағлар ажратишни сўраб қилган мурожаатларини эътиборсиз қолдирмоқда. 
"Биз 1,8 млрд доллар ажратишни сўрагандик, аммо жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биз ушбу сумманинг атиги 16 фоизини олдик, холос", - деб вазиятни тушунтирган Гинг. 

БМТ маълумотларига кўра, ҳукумат ва исёнчилар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида 6,4 мингдан ортиқ одам ўлган, 30 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган. Ҳалок бўлганларнинг 930 нафари ёш болалар экани алоҳида қайд этилмоқда.