Канн фестивалига ташриф буюрувчилар тўхтайдиган, шаҳардаги Grand Hyatt Cannes Hotel Martinez меҳмонхонаси ходимлари меҳмонлардан чайкаларни (балиқчи қуш) қувиш учун махсус ўргатилган қирғийлардан фойдаланмоқчилар. Бу ҳақда Local нашри хабар бермоқда. 

Меҳмонхона шу тариқа одамлардан қўрқмайдиган ва столлардан егуликларни ўғрилайдиган чайкаларга қарши курашмоқчи. Ходимларнинг айтишича, "беандиша" қушлар ҳаттоки вақти-вақти билан стейкларни (қовурилган гўшт бўлаги) ҳам олиб қочади.

"Бир килограмм келадиган чайка столга ўтириб, машҳур инсонларнинг кўйлакларига бокалларни ағдариб юборганда барчаси чиппакка чиқади", деб вазиятга изоҳ берди қушлар бўйича мутахассис Кристоф Пюзен.

Унинг айтишича, горизонтда қирғийлар пайдо бўлганда чайкалар ўзларининг азалий душманларидан узоқроқ юришади. Махсус ўргатилган қушлар эса одамларга хавф солмайди.