Корея компаниялари Ўзбекистон АЖларидаги улушларни сотиб олади

Ўзбекистон 18 Май 2016 5778

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 16 май куни «Корея Республикаси билан савдо-иқтисодий, инвестиция ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази хабар берган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Корея фонд биржаси кўмагида 27—29 апрель кунлари Сеулда ўтказилган Ўзбекистон—Корея бизнес-форуми якунларига кўра истиқболли инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш, кореялик инвесторларга Ўзбекистон акциядорлик жамиятларидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари улушини реализация қилиш юзасидан шартнома ҳамда келишувларга эришилган.

Хусусан, Сеулда 2016 йил давомида етакчи корейс компанияларига «Ўзтемирйўлконтейнер» (15 фоиз улуш 4,5 миллион доллар эвазига), «Сарбон нефтгаз» (51 фоиз, 3,8 миллион доллар), «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» (15 фоиз, 7,8 миллион доллар), «Ховренко номидаги Самарқанд вино комбинати» (20,18 фоиз, 2,6 миллион доллар), «Равнақбанк» (15 фоиз, 0,5 миллион доллар) ва яна тўртта АЖдаги давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари улушини реализация қилиш бўйича якуний битим имзоланган. 

Бундан ташқари, корейс компаниялари ва банкларига «Ўзсаноатқурилишбанк» (15 фоиз, 63,6 миллион доллар), «Асакабанк» (15 фоиз, 58 миллион доллар), «Алоқабанк» (47,54 фоиз, 42,7 миллион доллар), «Ўзэкспомарказ» (38,3 фоиз, 24,9 миллион доллар), «Халқаро ҳамкорлик маркази» (29,9 фоиз, 32,2 миллион доллар) ва яна тўртта АЖ устав капиталидаги улушларни реализация қилиш бўйича меморандум ҳамда баённомалар имзоланган. 

Мазкур ҳужжатларни 2016 ва 2017 йиллар давомида амалга ошириш белгиланди. Кўрсатилган муддатда хорижлик инвесторларга сотилмаган улушлар оммавий савдоларга чиқарилади.

Қарор асосида 2015 йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестицион форумда эришилган шартномалар якунлари бўйича давлат активлари, хўжалик бошқарув органлари ва хўжалик жамиятларини сотиш бўйича чора-тадбирлар режасининг тегишли топшириқлари ўз кучини йўқотган деб топилди.

Кўпроқ янгиликлар