Наманганда ўсмирлар ўртасида сув полоси бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ўн олти жамоа иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Финалда Наманган сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоасини 21:12 ҳисобида мағлуб этган Тошкент шаҳрининг марказий ҳарбий спорт клуби олтин медални қўлга киритди. Кумуш медаль Наманган сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ватерполчиларига, бронза медали Наманган вилояти терма жамоасига насиб этди.

Қизлар иштирокидаги ҳал қилувчи беллашувда Республика  ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби ҳамда Наманган вилояти терма жамоаси мусобақалашди. Унда маҳорат бобида катта устунликка эга бўлган пойтахт вакиллари 16:5 ҳисобида ғалаба қозонди. Наманганликлар иккинчи, Хоразмнинг “Ургенч ОЗК” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.