Жорий йилда вилоят фермерлари 40 минг 600 гектар ерда ғалла парваришламоқда. Шунингдек, Хатирчи ва Нурота туманларидаги 2 минг 800 гектар майдонда лалми буғдой етиштирилаётир. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Вилоятда асосан “Аср”, “Нота”, “Гром”, “Андижон-2” ва “Матонат” каби буғдой навлари парваришланади, – дейди Навоий вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Зиёвуддин Бобоқулов. – Етиштирилаётган ғаллани нобудгарчиликсиз йиғиб олиш мақсадида 100 комбайн тайёр ҳолатга келтирилди. Мавсумда қўшимча 8 янги комбайн ўримга жалб этилади.

Замонавий техникалар фермер учун кенг имкониятлар яратади, – дейди “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси вилоят филиали етакчи мутахассиси Умар Қурбонов. – 2015 йилда вилоят фермерларига компания томонидан 9,5 миллиард сўмлик 153 замонавий техника лизинг асосида етказиб берилди. Жорий йилда қарийб 13 миллиард 300 миллион сўмлик  150 техника харид қилиш режалаштирилган. Айни пайтда 43 қишлоқ хўжалик техникаси имтиёзли лизинг асосида фермерларга етказиб берилди.