Бугун Базель шаҳрида УЕФАнинг ижроия қўмитасининг ташкилот президентини сайлаш учун ўтказиладиган сайлов кунини белгилаш мақсадидаги йиғилиши ўтказилди.

Мишель Платинининг ўрнига ташкилотни бошқарувчи амалдор номи 14 сентябрь куни Афина шаҳрида бўлиб ўтадиган сайловдан кейин маълум бўлади.

Айни вақтда Нидерландия қироллиги футбол иттифоқи (KNVB) президенти Майкл ван Праг ва Словения футбол федерацияси раҳбари Александр Сеферин бу лавозимга асосий номзодлар сифатида қаралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА Ахлоқий қўмитаси Йозеф Блаттер билан бирга УЕФА раҳбари Мишель Платинини футболдаги фаолиятдан 8 йилга четлатганди. Бунга Платинининг 1999 йилдан 2002 йилгача ФИФА тизимидаги фаолияти учун 2011 йилнинг февралида 2 млн франк миқдорида маош тўланганидан кейин ўтказилган текширувлар натижаси сабаб бўлган.

Платини ушбу қарор юзасида февраль ойида апелляция берган, 9 май куни Спорт арбитраж суди CAS унга тайинланган чекловни ва жаримани қисқартиргани, лекин бутунлай олиб ташламагани маълум бўлгач, франциялик амалдор ўз ўрнини тарк этишини билдирди.