Нигерияда "Боко Ҳарам" жангарилари томонидан 2 йил аввал ўғирлаб кетилган 276 нафар мактаб ўқувчисидан бири топилди. Бу ҳақда уларнинг ота-оналарига асосланиб, Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Қайд этилишича, Амина Али исмли қиз Камерун билан чегарадаги Самбис ўрмонида топилган. Унинг топилиши тафсилотлари айтилмаган.

Мактаб ўқувчиларининг оммавий равишда ўғирлаб кетилиши ҳодисаси 2014 йилнинг 15 апрелига ўтар кечаси, Чибок шаҳрида юз берган. Ўшанда христиан динига эътиқод қилувчи оилалар вакиллари бўлган 276 нафар ўқувчи "Боко Ҳарам" ташкилоти томонидан ўғирланганди.

Бу ҳодиса ўшанда бутун дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратганди. Ижтимоий тармоқларда қизларни қутқаришга ундовчи #BringBackOurGirls ҳэштеги ("Бизнинг болаларимизни қайтаринг") остида флешмоблар ўтказилганди. Дунёнинг етакчи сиёсатчилари ўқувчиларни излаб топишга даъват этиб чиқишлар қилишганди.

"Боко Ҳарам" - Нигерия, Нигер, Чад ва Камерун ҳудудларида ҳаракатланувчи радикал ғояларни ифодаловчи террорчи ташкилот бўлиб, бу ташкилот аъзолари 2015 йилнинг баҳорида ИШИДга содиқлик қасамини ичганди.