Донецкнинг "Шахтёр" жамоасини узоқ йиллардан буён бошқариб келаётган мураббий Мирча Луческу кейинги ҳафтада Россиянинг "Зенит" жамоаси билан шартнома тузиш бўйича музокара ўтказиши кутилмоқда. Бу ҳақда Sport.ro хабар тарқатган.

Ўтган ҳафтада 70 ёшли бу руминиялик мутахассиснинг агенти Аркадий Запорожан ТАСС мухбирига ўтган йилда ҳам россияликлар клубидан таклиф бўлгани ҳақида айтиб ўтганди. Унинг қайд этишича, "Шахтёр" раҳбарияти билан ҳам мавсум охирида учрашув ўтказиши белгиланган.

Луческунинг "Шахтёр" билан шартномаси 2015/16 йилги мавсум охирига қадар тузилганди. Луческу "Шахтёр"ни 2004 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унинг бошқарувида жамоа Украина чемпионатида 8 марта ғолиб бўлган ва 5 марта Украина Кубогини, шунингдек 6 марта Украина Суперкубогини қўлга киритган. 2009 йилда "Шахтёр" УЕФА Кубогида зафар қучган.

"Зенит" жамоаси бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш мавсум якунида жамоадан кетиши бўйича якуний қарорни қабул қилгани ҳақида айтганди. Санкт-петербургликлар клубини бошқариши мумкин бўлган номзодлар қаторида чилилик мутахассис Мануэль Пеллегрини номи ҳам бор. Шунингдек, айни вақтда Италиянинг "Фиорентина" жамоасида ишлаётган португалиялик Паулу Соуза ҳам Россияга келиши мумкин.