Мишель Платини УЕФАга (Европа футбол уюшмалари иттифоқи) янги президент тайинлангунга қадар расман ташкилот раҳбари бўлиб қолаверади. 

"Платини УЕФАга янги президент тайинлангунга қадар ташкилот раҳбари бўлиб қолади. У УЕФАдан кетмади. Шу сабабли, ташкилот сайтида у президентлигича қолади", дея УЕФАнинг ҳуқуқ масалалари бўйича бўлими директори Аласдер Белланинг сўзларини келтиради Sky Sports.

Шунингдек, УЕФА томонидан ФИФАга Платинининг 2016 йилги Европа чемпионатида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқиши бўйича мурожаат қилингани айтилган.

9 май куни Спорт арбитраж судининг эълон қилган қароридан сўнг, Мишель Платини УЕФА президенти лавозимини тарк этиш истагини билдирган эди.

Франциялик мутасадди 2007 йилдан буён УЕФАни бошқариб келмоқда. 2011 йилда ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер Мишель Платинига 2 миллион Швейцария франкини ноқонуний равишда ўтказиб бергани учун 2015 йилнинг декабрь ойида саккиз йилга ҳар қандай футбол фаолиятидан четлаштирилганди. Кейинчалик ушбу четлаштириш олти йилга қисқартирилди. Шундай сўнг, Платини Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж судига (CAS) четлаштириш муддатини қисқартириш бўйича апелляция берганди. Унинг апелляцияси қисман қониқтирилди – дисквалификация муддати 6 йилдан 4 йилгача, жарима миқдори 80 мингдан 60 минг еврогача қисқарди.

УЕФАнинг янги президентлиги учун сайлов 2016 йилнинг сентябрида Афина шаҳрида бўлиб ўтади.