Япониянинг Sony Corp. корпорацияси сунъий ақлга эга янги авлод маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қарор қилди. Хусусан, фикр юритувчи ва мустақил ўргатувчи фотокамера эгасини жаҳон миқёси даражасидаги фотосуратчига айлантиради. 

Компаниянинг бош қароргоҳида маълум қилишларича, у ана шу мақсадларни амалга ошириш учун Американинг венчур фирмаси Cogitai’нинг 20 фоизини харид қилмоқда.

Ушбу компания эътиборини электрон техникаларнинг янги авлодини ишлаб чиқишга қаратади. Тахмин қилинишича, янги маҳсулотнинг илк намунаси яқин 3 йилда пайдо бўлади. 

Бунда куч ва билим эгасининг одат ва қизиқишларини ўрганувчи фотокамера ишлаб чиқишга сарфланади. У фотосуратчига анчагина мукаммал ва оригинал бадиий суратлар олиш бўйича таклифлар билдиради. 

Sony бундан аввал ҳам сунъий ақл ўрнатилган тизимлар билан фаол шуғулланган. Мисол учун, бир пайтлар анча машҳур бўлган робот ит-AIBO’ни ҳам мазкур япон компанияси ишлаб чиққан эди. 

2006 йилда маблағларни тежаш мақсадида робот ишлаб чиқариш соҳасини тарк этган, аммо сунъий ақл соҳасидаги изланишларни давом эттирганди. 
Эндиликда корпорация тўплаган билим ва тажрибалари асосида аниқ бир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.