"Оскар" мукофоти соҳиби, америкалик актёр Том Хэнкс Шарафли легион орденига эга бўлади, дея хабар беради People.

Бу Франциянинг энг юксак мукофотларидан бири ҳисобланади. Мукофотни топшириш маросими 20 май куни Парижда бўлиб ўтади. 

Хэнкс билан бир қаторда бу мукофот телебошловчи ва журналист Том Брокау ҳамда Иккинчи жаҳон уруши миллий музейи раҳбари Гордон Мюллерга ҳам топширилади. 

Уларнинг учови ҳам Иккинчи жаҳон уруши ҳақида хотиралар сақланиб қолиши йўлидан қилган меҳнатлари эвазига Шарафли легион мукофотига лойиқ деб топилишди. 

Мукофот топширилгандан сўнг Париждаги АҚШ элчихонасида қабул маросими ўтказилади. 

Хэнкс "Аскар Райанни қутқариш" номли ҳарбий драмада суратга тушган ва шу билан бирга Иккинчи жаҳон урушига бағишланган "Қуролдошлар" ҳамда "Тинч уммон" сериалларига продюсерлик қилган. 

Harris Poll сўровномасига кўра, Том  Хэнкс 2002, 2004, 2005, 2013 ва 2015 йилларда АҚШнинг энг севимли киноюлдузи деб тан олинган.