19 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентга ташриф уюштирган ЕИ Комиссиясининг энергетик иттифоқ бўйича вице-президенти Марош Шевчович билан учрашди. Суҳбат чоғида турли соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берган.

Учрашувда таъкидланганидек, Тошкентда бўлиб ўтаётган ХХ «Ўзбекистон нефть ва гази» халқаро конференциясида Европа Иттифоқининг юқори даражадаги делегациясининг иштирок этиши Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқлайди.

Мулоқот давомида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги шерикчилик стратегияси доирасидаги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк иштирок этди.