АҚШ миллий разведкаси директори Жеймс Клеппер АҚШ президенти лавозимига номзодлар ортидан хакерлар кузатаётганини маълум қилди. Клеппер бу ҳақда киберхавфсизлик масалаларига бағишланган тадбирда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда CNN.

Клеппернинг айтишича, хавф ҳам аноним гуруҳлар, ҳам турли давлатлар ҳукуматларига ишловчи хакерлар томонидан солинмоқда. Унинг таъкидлашича, бунда россиялик ва хитойлик хакерлар ҳақиқатда зиён етказиши мумкин, чунки улар "энг тажрибали" ҳисобланади.

Клеппернинг қўшимча қилишича, ФҚБ ва АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги мутахассислари сайловолди штаблари ходимларига хакерлик ҳужумларини қайтариш усуллари ҳақида кўрсатмалар беришмоқда. Баҳоланишича, кибертаҳдид сайловлар яқинлашгани сари ортиб боради.

18 март куни Anonymous хакерлари интернетга АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп ҳақидаги шахсий маълумотларни жойлаштирган эдилар. Хусусан, миллиардернинг телефон рақами ва суғурта гувоҳномаси рақами ошкор қилинган.