2030 йилга бориб Ер юзидаги аҳолининг учдан икки қисми шаҳарларда яшайди ва 80 фоизгача глобал ЯИМ ишлаб чиқаради. Бу ҳақида БМТнинг 18 май куни эълон қилган Аҳоли пунктлари бўйича дастури доирасидаги маърузасидан маълум бўлди. Унда урбанизация жараёнининг хавфи ва имкониятларига ишора қилинади. 

Экспертлар тўғри режалаштирилмаган шаҳар аҳолисининг ўсиши ижтимоий-иқтисодий тенгсизликнинг кучайишига олиб келиши, шунингдек атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантиради. БМТ мегаполислар иқтисодий ўсишнинг локомотиви эканлигини таъкидлаб, унинг 2015 йилнинг сентябрида Нью-Йоркдаги саммитда белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига етишишда етакчи роль ўйнаши мумкинлигини билдирди. Шу муносабат билан БМТ давлатларни шаҳарлар ривожига замонавий ва самарали ёндашувчи усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга чақирди. 

Маърузада бугунги кунда жаҳоннинг 600та йирик шаҳри ва мегаполисларда дунё аҳолисининг бешдан бир қисми яшаши таъкидланади. Энергия истеъмолининг 60-80 фоизи шаҳарларга тўғри келади, улар 70 фоизгача иссиқлик гази чиқиндиларини ишлаб чиқаради, бу эса глобал иссиқликни келтириб чиқаради. БМТ аҳоли пунктлари бўйича дастури ҳужжатида ривожланаётган мамлакатларда юқори урбанизация темпи кузатилаётганига алоҳида эътибор қаратилган. Экспертларнинг баҳолашича, мамлакат ҳудудидаги шаҳар аҳолисининг сони икки баробар ортади, шаҳарлар ҳудуди эса уч баробар кенгайиши мумкин. 

Бутунжаҳон ташкилоти ноқонуний қурилган турар жойларда яшовчи аҳоли сонининг ўсиши, шунингдек аҳолига зарур ижтимоий хизмат кўрсатиш ҳамда уларни юқори сифатли турмуш тарзи билан таъминлаш муаммоларини шаҳарлар олдида турган асосий вазифа деб атади. 

Бундан ташқари, мутахассислар ижтимоий тенгсизлик, муҳожирлар оқимининг кўпайиши, хавфсизлик даражасининг пасайиши ва экологиянинг ифлосланиши хавфи ҳақида огоҳлантиришмоқда. 

Тадқиқотчилар урбанизация жараёнига ақл билан ёндашилса, иқлимнинг глобал ўзгаришига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш учун кўплаб имкониятлар юзага келиши мумкинлигини таъкидлашди.