Буюк Британияда фаолият олиб борувчи Евроиттифоқ мамлакатларидан келган муҳожирларнинг сони янги рекорд даражага, яъни 2,1 миллион кишига етди. Бу тўғрисида The Financial Times газетаси хабар берди. 

Маълумотларга кўра, 2013 йилдан бери Евроиттифоққа аъзо мамлакатлардан келаётган хорижий ишчи кучи шиддат билан ўсиб бормоқда, бугунга келиб бундай ишчилар сони Бирлашган Қиролликда меҳнат қилувчи жами ишчиларнинг 6,8 фоизини ташкил этади.

"Ҳақиқат шундаки, британияликларнинг маоши кам, ишсиз қолганлар эса назорат қилинмайдиган муҳожирлик оқибатларини бошдан ўтказишмоқда", - деди консерватор ва собиқ меҳнат вазири Иан Данкан Смит.

Унинг сўзларига кўра, британияликлар "иш жойи учун миллионлаб муҳожирлар билан рақобатлашишга мажбур", меҳнат бозорида таклифнинг ўсиши эса қироллик фуқароларининг "даромадларига таъсир кўрсатмоқда".

Референдум арафасида Буюк Британиянинг бундани кейинги ЕИга аъзолиги масаласи бўйича бундай статистик маълумотлар евроскептикларнинг агитацион кампаниясига қўл келиши мумкин, чунки улар мамлакат ва унинг ижтимоий институтлари Евроиттифоқдан келаётган муҳожирлар оқимига бас кела олмаётганига ишора қилишади. 

Ижтимоий фикрлар ҳам турлича бўлиб, референдум якуни охир-оқибат қандай бўлишига аниқ бир жавоб олинмади, бироқ бу масалада британияликлар тенг иккига бўлингани сир эмас: кимдир Брюссель билан алоқалар узилиши натижасида молиявий вазият ёмонлашувидан қўрқса, бошқа томон Бирлашган Қиролликда ЕИ мамлакатларидан иммиграцияни қисқартиришга жамиятга аъзоликни тугатиш орқалигина эришиш мумкинлигига ишонади. 

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида қолиши масаласини кўриб чиқувчи референдум 23 июнь куни бўлиб ўтади.