Россия ва Қозоғистон махсус хизматлари ҳамкорлигида Россиянинг йирик шаҳарларида "Париж сценарийси" бўйича амалга оширилиши режалаштирилган терактларнинг олди олинган. Россия Федерал хавфсизлик кенгаши раҳбари Александр Бортников Минскдаги йиғилиш вақтида шу ҳақда маълум қилган.

"2016 йилнинг февралида қозоғистонлик ҳамкорларимиз билан мамлакат ҳудудидаги шаҳарлар бўйлаб "Париж сценарийси" бўйича терактлар уюштиришни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйгандик", деган Бортников.

Унинг сўзларига кўра, бу гуруҳ ўз режаларини бажариб, Сурияга йўл олмоқчи бўлган.

Бундан ташқари, Бортников 2016 йилнинг мартида Афғонистондан Қозоғистон ва Россия ҳудуди орқали Финляндия ҳудудига борувчи муҳожирлар оқими тўсилгани ҳақида ахборот берган.

У бугун рўй берган Миср самолёти ҳалокати ҳақида тўхталиб, бу ҳодиса теракт бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.

У ҳозирча Франция билан ҳаво қатнови тўхтатилмаслиги, аммо агар Мисрда бўлгани каби бу самолёт бортига ҳам портловчи модда ўрнатилгани аниқланса, бу масала кўриб чиқилишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрида Синайда Россия йўловчи самолёти қулаб тушган ва 224 киши ҳалок бўлганди. Кейинроқ, бу самолётга Шарм-аш-Шайх аэропортида портловчи қурилма қўйилгани маълум бўлди ва Россия Миср билан авиаалоқаларни тўхтатди.