АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг B-52 стратегик бомбардимончи самолёти Гуам оролидаги авиабазадан кўтарилгандан кейин фалокатга учради. Самолёт экипажининг барча 7 аъзоси самолёт ер билан тўқнашгунча уни тарк этишга муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди. 

Авиафалокат 19 май маҳаллий вақт билан соат 08:30 да (Тошкент вақти билан 03:30 да) Андерсен авиабазасида юз берди. Самолёт қулашидан аввал ёниб кетган.

Шимолий Дакота штатидан АҚШнинг Тинч океани ҳудудида мавжудлигини таъминлаш учун Гуамга ташланган B-52 самолёти ўқув парвозини бажараётган бўлган. Самолёт бортида 69-экспедицион бомбардимончи эскадрильяси экипажи бўлган.

Авиафалокат сабаблари ҳозирча номаълум. 

2008 йил июлида ҳам B-52 самолёти Гуам оролидан 40 км узоқликда, Тинч океанига қулаган эди. Авифалокат оқибатида ҳалок бўлган 2 нафар учувчининг жасади соҳилбўйи қўриқлаш хизмати томонидан самолёт қулаши биланоқ океандан чиқариб олинганди. Экипажнинг қолган 4 нафар аъзосининг жасадлари топилмаган.

Boeing B-52 Stratofortress самолёти иккинчи авлоддаги кўп функцияли оғир, ўта узоқ масофаларга учувчи қитъалараро стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи самолёт бўлиб, АҚШ ХХКда 1955 йилдан бери қуролланишда туради.