Номаълум хакер томонидан бир неча йил аввал ишбилармонлар учун яратилган LinkedIn ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларининг ўғирланган пароллари сони 100 миллиондан ортиқ. Бу ҳақда тармоқ вакилларига асосланиб ТАСС хабар қилди. 

Шахсий маълумотларни ўмариш 2012 йилда содир бўлганди. Ўша пайтда кибержиноятчи интернетга ўзи ўғирлаган бир неча миллион LinkedIn фойдаланувчилари паролини юклаган. Ижтимоий тармоқ вакиллари ўша вақтда 6,5 миллионта парол ўғирланганини маълум қилган эди. Бироқ энди уларнинг сони тахминан 117 миллионта экани аниқланди. 

LinkedIn хабарида компания ушбу ҳодисага алоқадор паролларни бекор қилиш чораларини кўраётгани ҳамда паролларни ўзгартириш илтимоси билан фойдаланувчиларга мурожаат этаётгани билдирилган. 

Forbes журналида келтирилиши бўйича, хакер ўғирлаган маълумотларини интернет орқали 2,2 минг долларга сотмоқчи бўлган. У бунинг уддасидан чиққанми, йўқми, аниқ эмас. 

LinkedIn ижтимоий тармоғига 2003 йилда Калифорнияда асос солинган. Платформа бизнес-алоқалар ўрнатиш имкониятини беради. Манба аудиторияси турли соҳалар вакиллари бўлган тахминан 400 миллион мутахассисларни ўзида жамлаган. Компаниянинг Нью-Йорк фонд биржасида капитализацияси 20 миллиард доллар атрофида.