Икки йил аввал "Боко-Харам" гуруҳи жангарилари томонидан ўғрилаб кетилгандан кейин тирик топилган нигериялик қиз мамлакат президенти билан учрашади, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, Амина Али исмли бу қизча Абужадаги президент саройига президент Муҳаммаду Бухорий билан учрашгани келди. Таъкидланишича, Али пойтахтга президент самолётида етказилган.

Аввалроқ Али икки йил аввал мактабдан ўғрилаб кетилган 219 қиздан кўпчилиги мамлакатнинг шимоли-шарқида ҳанузгача асирликда ушлаб турилганини маълум қилганди. 

Чибок шаҳридан қизларнинг оммавий ўғриланиши 2014 йил 15 апрелда содир бўлган. Асосан насроний оилалардан бўлган қизлар давлат ўрта таълим мактабидан ўғрилаб кетилганлар. Ушбу жиноят учун жавобгарликни "Боко Харам" ўз зиммасига олган.

"Боко Харам" Нигерия, Нигер, Чад ва Камерунда ҳаракат килувчи радикал гуруҳ бўлиб, 2015 йил баҳорида ИШИД террорчилик гуруҳига содиқликка қасамёд қелтирган.