Миср бош вазири Шариф Исмоил EgyptAir авиакомпаниясининг MS804 рейсини амалга ошириш вақтида Ўрта Ер денгизида қулаб тушган А-320 русумли самолёти ҳалокатига теракт содир этилиши сабаблиги бўйича эҳтимолни истисно қилмаган.

Миср ҳукумати раҳбари бу фикрни журналистларнинг саволларига жавоб қайтариш чоғида айтган.

"Ҳозирча самолёт қулашининг сабабларини айтишга эрта. Теракт содир этилгани бўйича эҳтимол ҳам истисно қилинмайди", деган у.

Париждан Қоҳирага учаётган самолёт Греция ҳаво ҳудудига киргандан 20 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган. MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бўлган.

Al Mayadeen телеканали EgyptAir авиакомпаниясидаги манбасига таяниб самолёт Ўрта Ер денгизига қулаганини маълум қилди.

Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги EgyptAir компаниясининг A320 самолёти ҳалокатга учраганини расман тасдиқлади.