АҚШ ҳарбий раҳбарлари Афғонистондан америкалик ҳарбийларни шароит талаб этган тақдирдагина олиб чиқиш мумкин деб ҳисоблашади. Бу ҳақда The Washington Post газетасига таяниб ТАСС хабар қилди. 

Нашр хабарига кўра, 18 май куни Афғонистондаги АҚШ ҳарбий кучлари қўмондони генерал-лейтенант Жон Николсон Брюсселда катта офицерлар, жумладан, АҚШ ҳарбий кучлар штаблари раҳбарлари Қўмитаси раиси генерал Жозеф Данфорд ва НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари янги қўмондони генерал Кертис Скапаротти билан учрашув ўткизган. 

“Бизнинг мақсадимиз барқарор ва хавфсиз Афғонистон эканини англашимиз лозим. Энди у террористлар учун бошпана бўлмайди. Ўйлайманки, Николсоннинг ҳисоботида шу назарда тутилган. Буни бошқа ҳарбий раҳбарлар ҳам эшитган бўлиши муҳим”, - деди Скапаротти. 

2014 йилда АҚШ ҳамда НАТОнинг бошқа мамлакатлари Афғонистонда “жанговар ҳаракатлари”ни якунлаганлари ҳақида эълон қилган ва давлатдаги вазият назоратини миллий армия ва хавфсизлик кучларига топширган. Шундан буён америкалик аскарлар ва офицерлар “Толибон” ҳаракати жангариларига қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этмаяпти. Америкаликларнинг вазифаси – афғон ҳарбий кучлари тайёргарлиги ҳамда зарур аслаҳалар билан таъминланишида ёрдам кўрсатиш. Шунингдек, “Ал-Қоида” гуруҳи қолдиқлари ва уларнинг тарафдорларига қарши контртеррористик амалиётларда қўллаб-қувватлаш. 

Аввалига АҚШ президенти Барак Обама 2017 йил бошига қадар барча АҚШ ҳарбий хизматчиларини уйларига қайтаришни режалаштирганди. Бироқ, Афғонистондаги вазият беқарорлигича қолгани туфайли, президент ўз қарашларини ўзгартиришга тўғри келган. Октябрь ойида у 2016 йил давомида 9,8 минг кишилик контингентни сақлаб қолиш учун Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни кейинроққа қолдиргани тўғрисида маълум қилди. Тахминларга кўра, келгуси йилнинг сўнггига қадар уларнинг сони 5,5 минг нафарга камаяди.