МДҲ давлатлари махсус хизматлари Афғонистонда авж олаётган вазият туфайли қўшимча хавфсизлик чоралари ишлаб чиқишади. Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФХХ) жамоатчилик билан алоқалари марказида ТАСС ахборот агентлигига маълум қилинганидек, бу масала МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги – 40-йиғилишида кўтарилади. Бу йиғилиш бугун, 19 майда Минскда бўлиб ўтади. 

"Йиғилишда асосий эътибор МДҲдаги вазиятни муҳокама қилиш ва баҳолашга, унинг террорчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш бўйича масалаларни ҳал қилиш контекстидаги ривожланиши прогнозига қаратилади", дейилмоқда марказ хабарида.

"Афғонистон ҳудудидаги вазиятни ҳисобга олиб, МДҲ давлатлари хавфсизлигига халқаро террорчилик ташкилотлари томонидан солинаётган таҳдидларни бартараф этиш бўйича қўшимча чораларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда", дейилмоқда хабарда.

Йиғилиш давомида МДҲ аксилтеррорчилик маркази раҳбари МДҲ давлатларининг террорчилик ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашиш бўйича 2014-2016 йилларга мўлжалланган дастурининг бажарилиши ва марказнинг 2015 йилда бажарган ишлари натижалари бўйича ҳисобот беради.