Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Аҳоли пунктлари бўйича Дастури (UN Habitat) Ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, 2030 йилга бориб ер юзи аҳолисининг учдан икки қисми жаҳон Ялпи Ички маҳсулотининг 80 фоизи тўғри келадиган шаҳарларда истиқомат қилади. Ҳужжатга кўра, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг бешдан бир қисми глобал ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизи тўғри келадиган 600 та шаҳарда истиқомат қилаётган экан. Бу борада аҳолиси бир миллион кишидан кам бўлган катта ва кичик шаҳарлар тез ривожланаётган урбанистик марказлар сифатида кўрилган. Бу каби шаҳарларда ер юзи аҳолисининг 59 фоизи истиқомат қилади. Урбанизация — деганда қишлоқ аҳолисининг яхши ҳаёт илинжи ва иш қидириб шаҳарларга оқиб келиши тушинилади.

Ҳисобот муаллифларнининг фикрича, аҳолининг шаҳарларга келиб жойлашиш жараёнлари яқин 14 йил ичида Барқарор ривожланиш мақсадларининг рўёбга чиқиши имкониятларини яратиб беради. Шу билан бирга шаҳарларга аҳолининг жойлашуви назоратдан чиққудек бўлса, ёки режадан чиқиб кетса, у ҳолда одамлар ўртасида тенгсизлик келиб чиқади. Шаҳарларда харобалар кўпаяди ва иқлим ўзгаришларига олиб келади. Таҳлилчиларнинг фикрича, ўтган асрга нисбатан 21 асрда аҳоли ўртасида тенгсизлик ортиб бормоқда. АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш Бюроси маълумотларига кўра, ер шари аҳолисининг сони шу йилнинг 1 январида 7 миллиард 300 миллион кишини ташкил қилган. Ер юзи аҳолиси илк бор 1804 йилда бир миллиард кишидан ошиб кетган эди. Икки миллиардлик статистика 1927 йилда қайд қилинди. Орадан 33 йил ўтиб, яъни 1960 йилда уч миллиардлик довондан ўтилди. 1974 йилда ер юзида тўрт миллиардан ортиқ киши истиқомат қиларди. 1987 йилда бу рақам беш миллиардга чиқди. Олтинчи миллиард 1999 йилда қайд қилинди. 2011 йилнинг октябрь ойида ер юзида яшовчилар сони етти миллиард кишига етди. 2030 йилга бориб сайёрамизда яшовчилар сони 8 миллиардан ошиб кетиши кутилмоқда.

Катта ва кичик шаҳарлар ўзгараётган жаҳон иқтисодиётининг марказларига айланиб бормоқда. Қишлоқлардан иш излаб келувчилар ҳисобига шаҳарлар кенгаймоқда. Инсоният тарихида илк бор жаҳон аҳолисининг катта қисми шаҳарларда истиқомат қилиши билан боғлиқ ҳодиса қайд қилинмоқда. Агар 1800 йилда шаҳарларда дунё аҳолисининг атиги 2 фоизигина шаҳарларда истиқомат қилгани ҳисобга олинадиган бўлса, бугунги кунда ер шари аҳолисининг 3 миллиард 900 миллиони шаҳарларда яшаши айтилар экан, бу жуда катта рақам эканини ойдинлашади. Шуни таъкидлаш керакки, 1950 йилда жаҳон аҳолисининг 30 фоизи ўзларини шахарликлар деб ҳисоблашарди. БМТ маълумотларига кўра, 2014 йилда ер шари аҳолисининг 54 фоизи шаҳарларда яшаган. Ҳар куни дунё шаҳарларига ўртача 180 мингга яқин киши келади.

Ривожланаётган мамлакатларда шаҳарлар аҳолиси ҳар йили 60 миллион кишига кўпаяди. Бу рақам яқин 30 йил давомида ўзгармай қолаверади. 15–20 йил ичида Африка ва Осиёда шаҳарлар аҳолиси икки баробар кўпайиши кутилмоқда. Шаҳар инфратузилмаси ривожланишидан кўра, аҳоли сони ошиб бораётганидан хавотирга тушилмоқда. Шаҳарга келаётган қишлоқ аҳолисининг ҳаммаси ҳам ўз орзусига бир зумда эриша олмайди. Бу ўз навбатида шаҳарларда қашшоқлар сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда. Шаҳарга келганлар бир қатор муаммолар билан тўқнаш келиши сир эмас. Биринчи навбатда улар уй-жой муаммосига дуч келишади. Шу сабаб ўз билганларича шаҳар четига бошпана қуришади. Бу каби бошпаналар тўлақонли яшаш учун деярли яроқсизлиги ҳаммага маълум. Шу сингари харобаларда электр энергияси, тоза ичимлик суви, канализация, йўллар ва коммунал хизматларнинг йўқлиги аниқ. Бунинг устига бу ердагилар рўйхатдан ўтмасдан яшашади. Бу уларнинг бир қатор хуқуқлардан маҳрум эканликларини англатади. Сўнгги 50 йилда шаҳарлар атрофидаги харобаларда истиқомат қилувчилар сони 35 миллиондан 900 миллионгача кўпайди. Яқин 30 йил давомида бу рақам икки баробар кўпайиши кутилмоқда. Харобаларда истиқомат қилувчилар асосан Африка ва Жанубий Осиё мамлакатларида экани айтилар экан, уларнинг санитария ҳолатларига амал қилмасликлари боис юқумли касалликларга чалинишидан бонг урилади.

2035 йилга бориб ер юзидаги қашшоқларнинг ярмидан кўпи шаҳарларда истиқомат қилишидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди.

Шаҳарлар ва шаҳар аҳолисининг сони ошиб бориши билан ҳаво сифати ҳам салбий томонга ўзгариши сир эмас. Ҳар йили бир миллион киши шаҳар ҳавосининг ифлосланиши оқибатида вафот этади. Транспортларнинг кўпайиб бориши ҳам йўл транспорт ҳодисаларининг ортишига сабаб бўлмоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили ривожланаётган мамлакатларда юз берадиган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 500 минг киши халок бўлиб, 15 миллион киши жароҳат олади. Қурбонлар ва жабрдийдларнинг асосий қисмини пиёдалар ва велосипедчилар ташкил қилади.

1990 йилда жаҳонда мегаполислар сони атиги 10 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 28тага етди. Мегаполисларда 2014 йилги маълумотларга кўра, 453 миллион киши истиқомат қилган. Бу ер юзи аҳолисининг 12 фоизи демакдир. Аҳолиси 5 миллиондлан 10 миллионгача бўлган шаҳарларда 300 миллиондан ортиқ киши, ёки ер юзидаги шаҳарлар аҳолисининг 8 фоизи яшайди.

28 та мегаполиснинг 16 таси Осиёда, тўрттаси Лотин Америкасида, учтаси Африкада ва яна учтаси Европада, иккитаси Шимолий Америкада жойлашган. Экспертларнинг фикрича, 2030 йилга бориб жаҳонда аҳолиси 10 миллион ва ундан ортиқ киши бўлган 41та мегаполис пайдо бўлади. Ҳозирча аҳолиси 38 миллион киши бўлган Токио жаҳондаги энг йирик мегаполис дея тан олинган. Иккинчи ўринда 25 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Деҳли туради. Учинчи ўрин эса 23 миллион аҳолиси бор Шанхайга насиб қилган. Мехико, Мумбай ва Сан-Паулу шаҳарларининг ҳар бирида 21 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилиши айтилади. Осакада 20 миллион, Пекинда 20 миллионга яқин киши истиқомат қиладиган бўлса, Нью-Йорк ва Қоҳира аҳолиси 18,5 миллион кишидан иборат.


Шарофиддин Тўлаганов